Сурхондарё вилояти Экология бошқармасининг Қумқўрғон туманида ўтказган назорат тадбирлари давомида бир қанча фермер хўжаликларига тегишли далаларда ғалладан бўшаган ер майдонлари ёқиб юборилгани аниқланди.
Маълум қилинишича, «Ҳ.М» фермер хўжалигида ғалладан бўшаган 10 гектар, «Б.Ф» фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган 10 гектар, «Э.Н.З» фермер хўжалиги 5 гектар, «К.П» фермер хўжалиги 10 гектар, «Э.Ҳ» фермер хўжалиги 13 гектар ва «З.Р» фермер хўжалиги 7 гектар ер майдонини такрорий экин экиш мақсадида ёқиб юборган.
Аниқланган ғалладан бўшаган ер майдонларини ёқиб юборганлик ҳолати бўйича табиатга етказилган зарарнинг умумий миқдори 106 миллион 74 минг сўмни ташкил этди.
Юқоридаги барча ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик) 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.