Исроиллик шифокорлар 12 ёшли боланинг автоҳалокатда узилиб кетган бошини муваффақиятли улади

Исроилда шифокорлар ақл бовар қилмас операцияни амалга оширди, улар велосипед ҳайдаб кетаётганда машина уриб юборган болакайнинг бошини қайта тикишга муваффақ бўлди.

12 ёшли бола даҳшатли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, унинг боши деярли бўйнидан узилиб кетганди.

“Бола бош суяги юқори умуртқасидан ажралиб кетиши оқибатида ички декапитация деб аталадиган ҳодиса билан олиб келинди. Врачларнинг тезкор қарори, гуруҳ бажарган мураккаб операция ва қўлланилган энг янги технологиялар шарофати билан ҳозир у тирик”, — деди операцияга раҳбарлик қилган ортопед доктор Охад Эйнав.

Шифокорнинг қайд этишича, операциядан кейин омон қолиш имконияти бемор учун 50 фоизни ташкил этган. Врачлар бундай жароҳатдан кейин бола тўлақонли ҳаёт кечириш имкониятини сақлаб қолишини тахмин қилишга ҳам қўрққан. Шунга қарамай, 12 ёшли бемор ўзини яхши ҳис қилмоқда ва бир ойдан сўнг шифохонадан чиқарилган. Шифокорлар уддалаган иш чинакам мўжиза деб аталмоқда.

“Болада неврологик нуқсон, сезиш ёки ҳаракатланишда бузилиш йўқ, танаси нормал ишлаяпти, у бошқаларнинг ёрдамисиз юряпти. Бу ақл бовар қилмайдиган ҳодиса”, — деди Эйнав.

Тиббиёт профессори ва Ландондаги Нью-Йорк тиббиёт марказининг умумий амалий шифокори доктор Марк Сигел нима учун операция бунчалик муваффақиятли бўлганини тушунтирди. Унинг фикрича, жароҳат оқибатида бош умуртқа поғонасидан ажралганига қарамай, асосий қон томирлари бутунлигича қолган ва мияни қон билан таъминлашда давом этган.

Шунингдек, у, одатда, бундай операциялар скелетнинг структуравий хусусиятлари туфайли болалар ва ўсмирларда ўтказилмаслигини, исроиллик шифокорлар болани қутқаришга муваффақ бўлгани уларнинг юқори профессионаллигидан далолат беришини таъкидлади, деб хабар беради tengrinews.kz.