“Маъмурий ислоҳотлар доирасида инвестициялар, саноат ва савдо соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–111-сон, 21.07.2023 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ҳар бир инвесторга лойиҳа ишга туширилгунгача барча босқичда ҳамроҳлик қиладиган, хусусан ер олиш, инфратузилмага уланиш, рухсатномаларни расмийлаштириш каби масалаларни ҳал қилиб борадиган “инвестиция менежерлари” бириктирилади.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида Саноатни ривожлантириш жамғармаси;
Вазирлик ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Саноат ва ташқи бозорларни таҳлил қилиш маркази;
Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги тизимида Инвесторлар маркази;
Экспортни рағбатлантириш агентлиги тизимида Экспортчилар маркази.
2023 йил 1 декабргача Электрон кооперация портали негизида Ўзбекистон Миллий саноат портали яратилади.
“GSP+” тизими имтиёзлари қўлланилишига доир маълумотлар олиш, синов лабораторияларини (шу жумладан, ветеринария, ўсимликлар карантини, санитария-эпидемиология соҳаларда) эркин танлаш, синов баённомаларини электрон расмийлаштириш имконини берадиган “E-sertifikat” ахборот тизими ишга туширилади.
“Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази” давлат корхонасининг Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган товарлар штрихли кодларининг давлат реестрини юритиш монопол функцияси бекор қилинади.
2023 йил 1 августдан 20 та вазирлик ва идораларда (қуйида рўйхати келтирилган) янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича “лойиҳа офислари” ташкил этилади.
Шунингдек, бино-иншоотлар харид қилиш ва ижарага олиш учун кредитлар Саноатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Саноат ипотекаси” тизими асосида ажратилади.