Ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимлари болалар боғчасида тарғибот тадбири ўтказгани, ҳали эсини ҳам танимаган болаларга худди катталардек панд-насиҳат қилгани акс этган видео тарқалди.
Унда ички ишлар ходими 3-4 ёшлар атрофидаги бир гуруҳ болаларни ота-онани ҳурмат қилишга чақиради. «Ҳурмат қилиш керак ота-онани. Қолган нарса ўз ўзидан бўлиб кетаверади. Фақат яхши инсон бўлиши керак, бўлди. Қилма деганини қилиш керак эмас. Қил деган ишни қилиш керак», — дейди ходим.
У болалар аввал оқдан қорани ажратиб олиши лозимлигини таъкидлайди. «Оқ билан қорани ажратволинглар олдин. Нима оқ, нима қора? Қайси ишни қилсам тўғри бўлади, қайси ишни қилсам нотўғри бўлади? Қилишдан аввал бу ишни қилганимдан кейин эртага нима бўлади, шуни ўйлаш керак. Тушунтиролдим-а?», — дейди у.
Шундан сўнг видео узилади ва ходим болаларга яна қандай насиҳат бергани тушунарсиз қолган. Видео қачон ва қаерда тасвирга олингани маълум эмас. Бу видео катта эҳтимол билан боғчадаги тарғибот тадбири вақтида тарбиячилардан бири томонидан олинган ва телефондаги тасвирлар тарқалиб кетган.