Ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институти декани ўринбосари А.Н. ҳамда кафедра ассистенти К.Х. фуқароларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, улардан пора олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ҳозир мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи билан Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари томонидан содир этилган ноқонуний хатти-ҳаракатларни ўрганиш юзасидан вазирликнинг ишчи гуруҳи тузилиб, хизмат текшируви тайинланди.
Айни пайтда мазкур олий ўқув юртида масъул шахсларнинг ўқишга киритиб қўйиш мақсадида коррупциявий омилларга йўл қўйилганлиги, уни келтириб чиқараётган тизимли муаммолар ҳамда бунга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тўлиқ ўрганиш ўтказилмоқда.
Шунингдек, коррупциявий ҳолат содир этилишига шароит яратиб берганлиги, муассаса ходимлари ўртасида етарлича тушунтириш ишлари олиб бормаганлиги сабабли институтнинг қатор масъулларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилади.