“Толибон” мактаб биноларидан ҳарбий пост сифатида фойдаланилаётгани айтилди

Афғонистоннинг Панжшер вилояти аҳолиси кўплаб мактаб биноларидан “Толибон” ҳарбий пост сифатида фойдаланганини маълум қилди. Бу ҳақда “The Print” нашри хабар берди.

Вилоят аҳолиси “Толибон”ни хавфсизлик кучларини ҳарбий базаларга жойлаштиришга чақирган.

“Бу ҳақиқат ва уларнинг мактабларга жойлашишини эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Ҳарбийлар мактабларга ўрнашиб олгани ва бу ўқувчиларнинг маънавиятига таъсир қилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз”, дейди панжшерлик Самиуллоҳ Садекки.

Шунингдек, аҳоли турар-жойларида ҳарбийларнинг борлиги одамлар орасида ваҳима уйғотаётганидан хавотир билдирган.

“Ҳарбийлар мактаб ва қишлоқларда. Биз қўшинларни ҳудуддан олиб чиқишга чақирамиз”, дейди шу ерлик Миан Аҳмад Илҳом.

“Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг айтишича, бу масала ечим топиши учун ҳарбий амалдорларга топширилади.

“Мактабларни эвакуация қилиб, хавфсизлик муаммоларининг олдини олиш учун ҳамда у ердаги ҳарбийларга муқобил йўл топиш мақсадида Панжшердаги расмийлар билан маслаҳатлашдик. Биз бу масалани Таълим вазирлиги билан ҳам муҳокама қиламиз”, дейди Мужоҳид.