Қуръон оятлари тиловат қилинди. Аллоҳ таолодан ўтганларга раҳмат, юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо ўқилди.
Шу ерда мажмуа атрофида режалаштирилаётган қурилиш-таъмирлаш лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлакни тиклаш, Дониёлбий мадрасасини таъмирлаш, таҳоратхона ва музей барпо этиш кабилар мўлжалланмоқда.
Шундан сўнг, президент Когон туманидаги “Сиёвуш текстиль” корхонаси фаолияти билан танишди.
Бу жой илгари унумсиз, бўш турган майдон эди. Тадбиркорларга шароит яратиш мақсадида ҳудуд “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасига киритилиб, зарур инфратузилма тортилгач, бу ерда саноат вужудга келди.
Хусусан, “Сиёвуш текстил” МЧЖнинг 36 млн долларлик лойиҳаси ўтган ойда ишга тушди. Унда йилига 40 минг тонна акрил ип-калава йигириш қуввати ва 600 та иш ўрни яратилди.
Бу биринчи босқич бўлиб, айни пайтда корхона фаолиятини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Режага кўра, кейинги босқичда акрил тола ҳамда ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилади. Жами иш ўрни сони 1,2 мингтага етади.