Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умрзоқов Қатар элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди.
Пойтахт ҳокимлиги маълумотига кўра, ўзаро мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, логистика, туризм, қурилиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда Қатар амирининг олий даражадаги ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрида имзоланган Тошкент ва Доҳа шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш бўйича англашув меморандуми ижроси юзасидан йўл харитасини тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Қатар бизнес делегацияларини Янги Тошкент шаҳри лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилиш, Қатарда Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини тарғиб қилиш, Тошкент–Доҳа йўналишида авиарейсларни йўлга қўйиш орқали ўзаро ташрифлар ва алоқалар кенгайишини таъминлаш, Доҳада Тошкент ва Тошкентда Доҳа кунлари сингари маданият тадбирларини ташкил этишга қаратилган ишларни жадаллаштириш хусусида фикр алмашилди. Учрашув якунида томонлар амалий мулоқотларни давом эттириш бўйича келишиб олди.