Янгиобод туман ҳокимлиги мансабдори ва тадбиркор фуқародан 200 минг АҚШ доллари пора талаб қилгани аниқланди

Жиззах вилоятидаги қурилиш фирмаси раҳбари тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кириб, Янгиобод тумани ҳокимлигида ишловчи мансабдор таниши ёрдамида, ёпиқ шаклда ўтказиладиган тендер орқали унга мазкур туман ҳудудидан 200 гектар ер майдонини шамол электр станциялари қуриш учун олиб бериш эвазига 200 минг АҚШ доллари талаб қилади.


Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан 100 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.


Шунингдек, жиноятни тўлиқ фош этиш мақсадида, қурилиш фирмаси раҳбаридан олинган дастлабки кўрсатмалар ҳамда мавжуд далилларга асосланиб, унинг Янгиобод тумани ҳокимлигида масъул лавозимда ишловчи таниши ҳам қўлга олинди.