Германияда юзлаб одамлар нашани қонунийлаштириш учун парад ўтказишди

Германия пойтахти Берлинда наша истеъмолини қонунийлаштириш тарафдорлари парад ўтказишди. Бу ҳақда DPA агентлиги хабар берди.

Полиция маълумотларига кўра, шаҳар ҳокимиятидаги митингдан сўнг 500-600 га яқин иштирокчи шаҳар бўйлаб юришган.

Ташкилотчилар кўп йиллар давомида каноп ўсимлигидан олинадиган марихуана ва гашиш каби гиёҳванд моддаларни қонунийлаштиришни талаб қилиб келади. Улар, шунингдек, тиббий нашадан фойдаланишни осонлаштириш ва ушбу наркотик моддадан кенг фойдаланишни ёқлайди.

Наша паради 1997 йилдан бери ўтказиб келинади. Ўтган йили унда 1500 га яқин киши қатнашган.

Германия ҳукумати нашани қонунийлаштиришни режалаштирмоқда. Ҳозирда маълум бўлган режаларга кўра, катталарга 25 граммгача наша сақлаш ва шахсий фойдаланиш учун кўпи билан учта ўсимлик етиштиришга рухсат берилади.