Талабаларнинг 2 йилдан буён ижара харажатларининг бир қисми давлат бюджетидан қопланаётган эди.
Аниқроғи, 2021-йил 1-майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат ОТМлари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланганди.
Олинган маълумотларга кўра, мазкур тартиб ўзгартирилмоқда. Яъни ижарада турган талабалар учун ягона аниқ сумма белгиланмоқда.
Бунда ижара пули:
Тошкент шаҳрида – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари (330 минг сўм);
қолган ҳудудларда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 баравари (165 минг сўм) миқдорида давлат томонидан қопланади.
Яъни масалан талаба Тошкентдаги бирор хонадонда курсдошлари билан бирга 600 минг сўмдан ижарада турса, шунинг 330 минг сўми давлат томонидан қопланади.
Шунингдек, сентябр ва октябр ойларида ижара пули қопланиши учун ҳеч қандай ижара шартномаси кўрсатиш шарт бўлмайди, шартнома бўлмаса ҳам қоплаб берилаверади.
Бундан ташқари ОТМлардаги талабалар турар жойлари энди тарқатилади ва бунда бюрократия ҳамда инсон омили минимал даражага туширилади.