Қозоғистонда бошланғич синф ўқувчиларининг барчасига бепул овқат берилади

2023 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Қозоғистондаги барча бошланғич синф ўқувчилари бепул овқат билан таъминланади. Бу ҳақда республика таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Юқорироқ синфларда ўқиётган кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун ҳам мактаб овқати бепул берилади. Мамлакатда 1,5 миллиондан ортиқ шундай тоифадаги аҳоли бор, бу 1-синфдан 4-синфгача бўлган ўқувчилар сонига тенг.

Қозоғистонда бепул озиқ-овқат баҳоси ўртача 577 тенгени (1,3 доллар), максимал Олмаота шаҳрида 800 тенге(1,8 доллар)ни ташкил қилади.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи Дана Мактаеванинг маълум қилишича, ўтган йилларда мактаб ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш 56,6 фоизни ташкил этган. Бундай хизмат Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарлари, Павлодар, Ғарбий Қозоғистон, Қарағанда, Улитау, Қизилўрда ва Атирау вилоятлари мактаб ўқувчиларига кўрсатилган.