Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12-13 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар ижроси доирасида Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг кўп тармоқли клиникаси ташкил этиладиган бўлди.
Мазкур янги муассаса 2023 йил 1 сентябрдан Фарғона шаҳрида жойлашган 250 ўринли 2-шаҳар шифохонаси негизида фаолият бошлайди.
Клиникада имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга бепул асосда тиббий ёрдам кўрсатилади.
Унинг ходимлари институт кафедралари билан ҳамкорликда ўз ихтисослиги бўйича республика миқёсида мақсадли дастурларини ишлаб чиқади.
Хорижий етакчи тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, тўпланган тажриба, ахборотлар, шунингдек, мутахассислар кенг алмашинувини йўлга қўяди.
Ҳудудий тиббиёт ташкилотларига ташкилий-услубий ёрдам беради.
Институт профессор-ўқитувчилари, талабалари, магистрлари ва клиник ординаторлари билан ҳамкорликда сайёр қабуллар, тиббий кўриклар ва маслаҳатлар ташкил қилади.
Қолаверса, институт клиникаси бўлимларида профессор-ўқитувчилар, талабалар, магистрлар ва клиник ординаторлар амалиёт ўтайди.