Олий Мажлис Сенатининг навбатлдаги ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Нарбаева ижара, лизинг масалаларини тартибга солиш ва улар билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш тўғрисида гапирди.
— “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига валютани тартибга солишга, ижара ва лизинг муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун амалиётдаги реал муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
Ижара, лизинг муносабатларга киришаётганда ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларини қонун билан аниқ ва мустаҳкам ҳимоя қилинишига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши керак. Қонундаги янги нормаларнинг мақсади айнан шундан иборат.
Экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга енгиллик яратишга қаратилган нормалар ҳам жуда муҳим. Яқинда Давлатимиз Раҳбарининг тадбиркорлар билан бўлган мулоқотларида ҳам экспорт фаолиятини ривожлантириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Лекин, биз Қонуннинг муҳимлиги, керакли эканлигини қанча эътироф этмайлик, бевосита ижрочилар уни тўғри англаб, тушуниб, аниқ ва бир хилда қўлланишини таъминланмаса ёки аҳоли, тадбиркорларнинг ушбу янгиликлардан хабари бўлмаса, натижа кутилганидек бўлмайди.
Шу боис, барча даражадаги, айниқса ҳудудлардаги мутасадди тузилмалар, маҳаллий Кенгаш депутатлари қонунчиликдаги ушбу янгиликлардан ижрочилар ва аҳоли хабардорлигини оширишга, ҳуқуқни қўллаш амалиёти бир хилда тўғри ташкил қилинишига жиддий эътибор қаратишлари шарт, дейди Сенат раиси ўз нутқида.