Республика бўйича метан “заправка”ларга табиий газ белгиланган талабга асосан етказиб берилмоқда. Метан газнинг нархи ҳам ошгани йўқ.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда метан “заправка”ларда навбатнинг узайиб бораётгани, бунга бир қатор метан “заправка”ларнинг ёпиқлиги сабаб бўлаётгани, мазкур вазият метан нархининг ошишидан дарак бўлиши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар тарқаляпти.
Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати шуни таъкидлайдики, барча метан “заправка”ларга август ойи учун ҳам уларнинг талабларига асосан белгиланган лимитга кўра, табиий газ тўлиқ етказиб берилган. Ҳеч қандай чеклов киритилмаган.
Қайсидир метан “заправка” ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турган бўлса, демак, бу қандайдир техник сабаблар ёки бошқа бир омил туфайли бўлиши мумкин.
Шунингдек, аввал таъкидлаганимиздек, метан “заправка”ларда сотиладиган бир куб газ учун белгиланган нарх ошгани йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аҳоли ва бошқа тоифадаги истеъмолчилар қонунчиликда ўрнатилган тартибда белгиланган муддатларда табиий газ нархининг оширилиши ҳақида аввалдан огоҳлантирилади.
Агар “заправка”ларда газ нархининг асоссиз оширилиши ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 1159 рақамли “Ишонч телефони”га қўнғироқ қилинг.