Расмий Тошкент ва Ашхобод туркман газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича янги шартнома тузишга келишиб олди.
Ўзбекистон ва Туркманистон газ етказиб бериш бўйича янги шартнома имзолайди. Бу ҳақда Туркманистоннинг «Олтин аср» газетаси хабар берди.
Келишувга Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Туркманистон бош вазирининг ёқилғи-энергетика комплекси бўйича ўринбосари Ботир Аманов ўртасидаги музокаралар чоғида эришилган. Учрашув Ашхободда бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, музокаралар чоғида Туркманистон энергетика ресурсларини хорижий давлатларга, биринчи навбатда, қўшни давлатларга етказиб бериш тизимини фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.