Транспорт вазирлигида Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳа координаторлари билан учрашув ўтказилди.
Вазирлик хабарига кўра, учрашувда Тошкент – Самарқанд ва Тошкент – Андижон автомобил йўлларини ДХШ асосида қуриш лойиҳалари бўйича амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди. Шунингдек, бошқа долзарб масалалар ҳамда пулли йўллар бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилган.
Автомобил йўллари қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги, шунингдек, Proyapı Mühendislik ve Müşavirlik A.Ş. компанияси, Over Arupand Partners International Limited, Price Water House Coopers Advisory ва CMS Cameron Mc Kenna Nabarro Olswang LLP компаниялари консорциуми вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун, муҳокама учун эълон қилинган Ўзбекистон–2030 стратегияси лойиҳасига кўра, пулли автомобил йўлларини қуриш ва улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилади. Дастлабки пулли йўллар Тошкент–Самарқанд ва Тошкент–Андижон йўналишида бўлиши кўзда тутилган. Бу лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни 2023 йил ноябрда якунлаш режа қилинган.