Маъмурий жарималар белгиланган муддатда тўланиши лозим, акс ҳолда…

Мажбурий ижро бюроси фуқаро Асқар Исмоиловнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида эълон қилган мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Мажбурий ижро бюросининг Миробод туман бўлими иш юритувида Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБнинг 20.02.2023 йилдаги қарорига асосан фуқаро А.Исмоиловдан 150.000 сўм шунингдек, Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБнинг 27.01.2023 йилдаги қарорига асосан 150.000 сўм, Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 03.11.2022 йилдаги қарорига асосан 150.000 сўм, Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 04.10.2022 йилдаги қарорига асосан 300.000 сўм, Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 23.08.2022 йилдаги қарорига асосан 300.000 сўм ва Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 13.08.2022йилдаги қарорига асосан 300.000 сўм жами 1.350.000 сўм жарима ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари мавжуд.

Жумладан, Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБнинг 03.11.2022 йилдаги қарорига асосан қарздор А.Исмоиловдан 150.000 сўм маъмурий жарима ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати асосан қарздор фуқаронинг телефон рақамларига SMS хабарнома юборилган.


Қарздорга ижро ҳужжати талабларини ихтиёрий равишда бажариш учун 15 кунлик муддат белгиланган. Бироқ қарздор томонидан ушбу қарздорлик белгиланган муддатда тўланмаганлиги сабабли унга нисбатан 7.500 сўм ижро йиғими ва 27.04.2023 йилда Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 198-1-моддасига асосан 1.500.000 сўм маъмурий жарима қўлланилган ва маъмурий жарималар ундириш тўғрисидаги қарорларнинг айримлари содир этилганига бир йилдан ортиқ муддат ўтган бўлишига қарамасдан бугунги кунга қадар қарздор томонидан тўланмаганлигини маълум қиламиз.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг 04.07.2023 йилдаги “Ижро ҳужжатларини ижро этмаганлик учун солинадиган маъмурий жарима миқдорини белгилаш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-851-сонли Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 198-1-моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, унга кўра ушбу моддага асосан солинадиган маъмурий жариманинг суммаси ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан ошиши мумкин эмас.

Ушбу қонун 05.07.2023 йилдан бошлаб кучга кирган бўлиб, ҳозирги кунда қарздорга нисбатан ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан ортиқ жарима қўлланилмайди ва ушбу холатда қарздорга нисбатан қўлланилган жарима мазкур ўзгартиришлар қабул қилинишидан олдин яъни 27.04.2023 йилда қўлланилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 332-1-моддасига асосан ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ёки 30 кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.