Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш билан бир эмас, кўплаб хусусий корхоналар шуғулланади. Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов журналистлар билан мулоқотда маълум қилди.
Баҳодир Сиддиқовнинг айтишича, Ўзбекистондан бошқа давлатларда Аи–80 бензини ишлаб чиқарилмайди.
“Бошқа давлатларда Аи 80 бензини қолмаган. Посцовет ҳудудида фақат бизда қолди. Аҳолимиз фақат Аи 80 бензинга ўрганиб қолган. Ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг 80–90 фоизини Аи 80 бензини ташкил қилади. Чунки истеъмолчилар арзон бензин сўрайди”,—деди компания раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, бензин ишлаб чиқарувчи кўплаб хусусий корхоналар бор ва уларнинг айримлари маҳсулот сифати борасида масъулиятсиз.
“Ҳозир бензинни Ўзбекистонда фақат “Ўзбекнефтгаз” ишлаб чиқармайди. Жуда ҳам кўп хусусий корхоналар очилган. Улар хом ашёни импорт қилиб, ўзларининг ускуналарида маҳсулот чиқаряпти. Масъулиятни ҳаммамиз бирга бўйнимизга олишимиз керак. Ҳозир “Ўзэнергоинспекция” тизимида ҳам ўзгаришлар бўлиб, ташкилотга алоҳида ваколатлар берилди. Бош прокуратурада ҳам энергетика масалалари бўйича алоҳида йўналиш очилди. Шулар билан биргаликда, сифатсиз бензин муаммосига қарши курашишимиз керак. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати бўйича талабни ҳаммага бир хил қўйиш керак. Шунда жавобгарлик ошади”,—деди Баҳодир Сиддиқов.
Аввалроқ “Ўзэнергоинспекция” ходимлари мамлакатдаги нефть базаларда сақланаётган автобензинлар сифатини ўргангани хабар қилинганди. Маълум қилинишича, 2023 йилнинг ўтган даврида 4 минг тоннадан ортиқ сифатсиз автобензин аниқланган. Нефть маҳсулотлари сифати бузилишига йўл қўйган 4 нафар раҳбар ходим ва 4 нафар моддий жавобгар шахслар фаолиятига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилади.