Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, кам ҳаракатлик оқибатида ҳар йили дунё бўйича 5 миллион киши ҳаётдан кўз юмади. Ана шу рақамларнинг ўзиёқ соғлом турмуш тарзи нақадар муҳимлигидан огоҳ этади.
Жисмоний машқлар тана мушакларини бақувват, бўғимларни ҳаракатчан, қоматнинг тўғри шаклланишига ёрдам беради, — дейди мутахассис. — Барчаси эрталабки бадантарбиядан бошланади. Бу жараёнда бажариладиган машқлар организмнинг бирор аъзоси ёки тизимига эмас, балки бутун танага бирдек ижобий таъсир этади. Яъни ички органларда моддалар алмашинувини яхшилайди.
Яна бир факт: жисмоний ҳаракат ва машқлар таъсири остида тўқималарнинг кислородга бўлган эҳтиёжи 8-10 баробар ортади. Шу боис қисқа эмас, такрорий машқлар организмни соғломлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, ушбу машғулотлар тизимли бажарилганда тана тўқималари озиқ моддаларни яхши ўзлаштиради. Бундай ҳаракатлар асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, бадантарбиядан сўнг одамнинг ҳам жисмоний, ҳам ақлий фаолияти яхшиланади.
Инсоннинг нафас ҳаракатлари кечки уйқу маҳали кундузгига нисбатан анча секинлашиши маълум. Бадантарбия чоғида бажариладиган нафас машқлари эса ўпкани етарлича тоза ҳаво билан тўйинтиради.
Қолаверса, жисмоний фаоллик организмнинг касалликларга қарши курашувчанлигини оширади, юрак ва нафас олиш тизимини мустаҳкамлаб, ичак ва буйрак фаолиятини яхшилайди. Суяк ва бўғимларнинг тўғри шаклланиши ҳамда мустаҳкамланишига ёрдам беради. Тана вазнини меъёрда ушлаб, фикрлаш ва билим олиш қобилиятини кучайтиради.
Машқлар “оддийдан — мураккабга” тамойили асосида, поғонама-поғона бажарилади. Бунда организмдаги барча тизим ва мушакларнинг мутаносиб иштирок этишини таъминлаш лозим. Шунда бирор тана аъзоси ортиқча зўриқишига йўл қўйилмайди.
Бадантарбиядан олдин организмни жисмоний чиниқтириш зурур. Бундан ташқари, пиёда юриш ва югуриш — жисмоний фаол ҳаёт кечиришнинг энг фойдали усулларидан бири. Бундай машғулотлар оёқ мушакларини мустаҳкамлаб, қон айланиш ва иммун тизимини яхшилайди.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Гавҳар Тулабоева