Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Улар ўртасидаги умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкин.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Боёвут туманлараро судининг 02.05.2023 йилдаги ижро варақасига асосан қарздор Ш.Ю.дан ундирувчи З.Ю. фойдасига никоҳ даврида олинган қарздорга тегишли «Damas» русумли автотранспорт воситасининг ½ қисми яъни жами 34 млн.731 минг сўм ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Бюронинг Боёвут тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ва ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилган.
Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида қарздор Ш.Ю.дан ундирувчи З.Ю.нинг фойдасига жами 34 млн. 731 минг сўм қарздорлик ундириб берилиши таъминланди. Бюронинг Боёвут туман бўлими давлат ижрочиси Ж.Райимқулов хабарига кўра, ижро ҳаракатлари давомида, суд қарори ижроси тўлиқ таъминланган.