Тошкентда бедарак йўқолган эркак жасади бошига пакет кийдирилган ҳолда ўз машинасидан топилди

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида бедарак йўқолган эркакнинг жасади ўз машинасидан бошига пакет кийдирилган ҳолда топилди.

Унга кўра, 31 август куни соат тахминан 18:00 ларда 1996 йилда туғилган Б.А. яшаш манзилидан ўз бошқарувидаги қора рангли Gentra’да чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчасидаги футбол спорт майдони ҳудудида жойлашган автотураргоҳда Gentra автомашинаси ичида бедарак йўқолган эркакнинг мурдаси бош юз қисми бир неча қатлам полиэтилен пакет билан ўралган ҳолда топилган.

Мазкур ҳолатда эркакнинг мурдаси шубҳали ҳолда аниқлангани ва бир қатор дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказмасдан туриб қонуний тўхтамга келиш имкони мавжуд эмаслигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.