АҚШ Давлат департаменти 2023 йилга мўлжалланган «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси» (Diversity Visa, грин карта) дастури муддатидан аввал тугатилишини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хабарида сўз боради.
Давлат департаментига ҳар йили 55 000 га яқин виза беришга қонуний рухсат берилган. Ушбу миқдордаги визалар берилгандан сўнг дастур барча мамлакатларда ўша йил учун якунига етади. Ҳозирда барча мавжуд визалар тақдим этиб бўлинган.
Бир кун аввал АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси «Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси»нинг жорий йилги мавсуми яқин орада тугаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Элчихонанинг консуллик бўлими жами 3100 дан ортиқ грин карта мурожаатчилари билан суҳбат ўтказди. Ушбу дастур бўйича виза олишга улгурмаганлар октябрь ойи бошида қайтадан ариза топширишлари керак бўлади.
«2023 йилги дастурнинг якунлангани виза ололмаганларнинг ҳафсаласини пир қилиши мумкинлигини тушуниб турибмиз. Биз иммиграция даражаси паст бўлган мамлакатлардан одамларнинг Қўшма Штатларга келишларини осонлаштириш тарафдоримиз ва хилма-хилликнинг жамиятимизга қўшаётган муҳим ҳиссасини ҳамда АҚШ иқтисодиётига таъсирини тан оламиз», — дейилади АҚШ дипломатик миссияси хабарида.