Президент раислигида саноат корхоналари барқарор ишлаши учун тармоқ ва ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Президентимиз йиғилишда ўтган етти ойда юртимизда саноат маҳсулотлари ҳажми 5,7 фоизга ўсиб, 345 триллион сўмга етганини таъкидлади.
Бу кўрсаткич электротехника саноатида 46 фоизни, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришда 16 фоиз, қурилиш материалларида 12 фоиз, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришда 11 фоизни ташкил қилиб, юқори суръатларда ўсди.
Мисол учун, мисни қайта ишлаш 30 фоизга ва юқори қўшилган қийматли маиший техникалар ҳажми 36 фоизга ошиши ҳисобига жами 12,5 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Уларнинг экспорти 25 фоизга кўпайиб, 550 миллион доллардан ошди.
Жойларда ишлар тўғри йўлга қўйилгани боис 25 та туман ва шаҳарда саноат ҳажми 10 фоиздан кўпайган.
Бўзатов, Кегейли, Қўнғирот, Хўжайли, Андижон, Олот, Шофиркон, Ғаллаорол, Китоб, Нишон, Конимех, Чортоқ, Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Пахтачи, Олтинсой, Бандихон, Бойсун, Қизириқ, Паркент, Бувайда, Учкўприк туманлари, Каттақўрғон ва Нурафшон шаҳарларида саноат юқори суръатда ўсган.
Жумладан, тўқимачилик корхоналарини кўпайтириш орқали, саноат кўрсаткичини Бандихон 45 фоизга, Қизириқ 18 фоиз, Олот ва Бувайда 15 фоиздан, Кегейли 14 фоиз, Оқдарё ва Бойсун 13 фоиздан, Андижон тумани 10 фоизга оширган.
Шунингдек, мавжуд конларни ўзлаштириб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига саноат ҳажми Китобда 19 фоизга, Қўшработда 10 фоизга ўсган.
Умуман, йил бошидан республика бўйича 2 мингта янги саноат лойиҳаси ишга туширилиб, йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилди.
Мисол учун, “Пистали” олтин конида янги металлургия заводини муддатидан олдин ишга тушириш ҳисобига шу йил қўшимча 840 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.
Заводдаги қарийб 50 миллион долларлик ускуналар саноат кооперацияси асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган. Бу ҳам саноат ҳажмини оширишга қўшимча туртки бўлди.
Шу билан бирга, 34 та туман ва шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан пасайган. Айрим тармоқларда, шу жумладан фармацевтика, чарм-пойабзал, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш суръати секинлашган.