Наманган халқаро нодавлат университетининг лицензияси бекор қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан “NAMXU ОТМ” масъулияти чекланган жамиятига 2023 йил 10 февралда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун берилган 062797-сонли лицензияси бекор қилинди. Бўлиб ўтган суд мажлиси муҳокамаларида ОЛий таълим ташкилоти фаолиятида аниқланган қўпол қоидабузарликлар асосли ҳужжатлар билан судга тақдим этилиб, ўз исботини топди.
Маълумот учун: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2023 йил 10 майдаги буйруғига мувофиқ текширув ўтказилиб, унга кўра университет томонидан таълим ташкилоти, таълим олувчилар ва педагог ходимлар тўғрисидаги маълумотлар вазирликнинг «ҲEМИС» ахборот тизимига киритилмагани, ташкилотда ректор маслаҳатчиси штати бирлиги жорий этилмагани, талабаларнинг ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ишлаб чиқилмагани, барча таълим йўналишлари бўйича адабиётлар, шу жумладан 95 фоиз адабиётларнинг электрон вариантлари етишмаслиги, университет ўқитувчиларининг 23 нафари илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар ҳисоблансада, улар 15 нафарининг асосий иш жойи Наманган давлат университетида эканлиги, лицензия талаби бўйича бакалавриат таълим йўналишлари учун 35 фоиз илмий салоҳият белгиланган бўлсада, таълим ташкилотида 17 фоизни ташкил этиши, ичимлик суви ва канализация билан таъминланмагани, таҳсил олаётган 858 нафар талабага нисбатан таълим ташкилотининг ҳудуди етишмаслиги каби ҳолатлар аниқланган.