Ангренда болалар заҳарланган боғча ёпилди

Аввалроқ Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган болаларнинг овқатдан заҳарлангани хабар қилинганди. Ҳолат бўйича Санэпидқўмита қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, 13 сентябрь куни соат 14:00 дан бошлаб 14 сентябрь куни  соат 21:00 га қадар 10-сонли ДМТТда тарбияланаётган болалар кўнгил айниши, қайд қилиш, тана ҳароратни кўтарилиши, тез-тез ич келиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Улардан 24 нафари “Овқатдан заҳарланиш ёки ошқозон фаолиятининг функционал бузилиши” бирламчи ташхиси билан ётқизилган,  7 нафарига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган.

Лаборатор текширувлар учун юқумли касалликлар бўлимига мурожаат қилган беморлардан ҳамда ДМТТ омборхонасида сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар олинган.

“ДМТТнинг 240 нафар тарбияланувчилари шифокорлар томонидан  тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди ва тиббий назоратга олинди. ДММТнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди”, — дейилади хабарда.