Ўзбекистон Марказий банки 18 сентябрдан бошлаб банклар учун валюта операцияларига қўйиладиган талабларни кучайтирмоқда.
Маълум бўлишича, эндиликда компанияларнинг чет эл валютасини сотиб олиш ва валюта билан боғлиқ операциялари фақат асосий ҳисоб рақами очилган банклар орқали амалга оширилиши керак.
Бундай ҳолда бизнес вакиллари чет эл валютасини арзонроқ таклиф қилаётган банклардан ололмайди. Банклар ҳам валютага арзонроқ нарх белгилашдан деярли манфаат кўрмайди.
Бундан ташқари, банкларга тадбиркорларга чет эл валютасини сотиш билан боғлиқ операциялар устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди. Валюта сотилиши банкларнинг таркибий бўлинмалари — банклар раис ўринбосарлари бошчилигидаги эксперт гуруҳлари хулосалари асосида амалга оширилади.
Бу эса бизнес вакилларининг банкдан доллар сотиб олиш жараёнини сезиларли мураккаблаштиради.
Шунингдек, банкларга мижозларнинг иккиламчи ҳисобварақаларини ёпиш топшириғи ҳам берилган. Содда қилиб тушунтирилганда, тадбиркорлар бошқа банклардаги махсус ҳисобварақларини ёпиши, фақат битта ҳисоб рақамига эга бўлиши, яъни конвертацияни фақат битта банк орқали амалга ошириши керак.