Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи арафасида жорий йилнинг 15 сентябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШнинг 300 та компанияси фаолият юритмоқда, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўпдир. Мамлакат иқтисодиётининг автомобилсозлик — General Motors, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш — John Deer, CNH, газ ишлаб чиқариш — Air Products, қишлоқ хўжалиги — Silverleafe ва бошқа соҳаларида АҚШ компаниялари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, тоғ-кон саноати, кимё ва энергетика саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари каби иқтисодиёт тармоқлари қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари сифатида белгилаб олинди. Юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уни учинчи давлатларга экспорт қилиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этишда катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.
Икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш муҳимлиги, барча қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда давлат идораларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидланди.
Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди.