Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази Ислом динида олтин қўшилган таомларни ейиш мумкинми деган саволга жавоб берди.
Фатво марказининг қайд этишича, олтинни ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динда дуруст эмас.
Биринчидан, аслида олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас. Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай деган: “Биз айтдик: Эй Одам, сен ва жуфтинг (Ҳавво) жаннатда яшангиз ва хоҳлаган жойларингизда ундан (неъматларидан) бемалол тановул қилингиз. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангиз, (акс ҳолда) золимлардан бўлиб қолурсиз (Бақара сураси,35-оят).
Ушбу оятда емаслик керак бўлган нарсани ейиш зулм, деб эътиборга олинмоқда. Демак, тилла ёки кумушни ейиш ҳам зулм ҳисобланади.
Иккинчидан, олтин ва кумушдан ясалган идишларда таомланиш ва ичиш ҳам жоиз эмас. Пайғамғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳақда шундай деганлар: Олтин ва кумуш идишларда (таом ва сув) ичманглар…(Муттафақун алайҳ).
Уламоларимизнинг сўзларига кўра, бу қайтариқнинг сабаби олтин ва кумуш идишларда еб-ичиш кибр ҳамда фахрга олиб боради ва фақир инсонларнинг кўнглини синдиради. Ушбу салбий сифатлар олтинни идиш сифатида ишлатгандан кўра олтинни истеъмол қилишда кўпроқ топилади. Бу эса ўз навбатида инсон қалбидаги бандалик сифатини йўқолишига сабаб бўлади.
Учинчидан, бу молни исроф ва зое қилиш ва неъматларнинг қадрини ерга уриш ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом еб-ичиш, садақа ва кийинишда исроф қилиш ҳамда кибрга кетишдан қайтариб шундай деганлар: Модомики исроф ва кибр аралашмас экан енглар, ичинглар, садақа қилинглар ва кийинглар (Имом Ибн Можа ривояти).
Бошқа ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Аллоҳ таоло қийлу қол (миш-миш тарқатиш), кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради, деганлар (Имом Муслим ривоятлари).