Ижтимоий тармоқларда, “Ун нархи 20 кунда ўз жойига қайтади” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мазкур хабар юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, аҳолини ун маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида ҳар йили мамлакатимизда 8 млн. тонна атрофида буғдой етиштирилмоқда. Талаб эса, 104,4 фоизни ташкил этади.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган деҳқон бозорларидаги нархлар ўрганилган.
Қўшимча қилинишича, бозорлардаги чакана савдода Россия ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилган “365 кун”, “Турон”, “Мўътабар”, “Олтин дон”, “Макфа” ва бошқа маркадаги олий ва 1 навли ун қадоғига қараб 5000 сўмдан 7500 сўмгача сотилаётган бўлса, улгуржи савдода 5000–7000 сўмни ташкил этмоқда.
«Бу нарх ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 200-300 сўмга ошганини (жойларда савдо расталарида эркин нарх белгиланиши оқибатида бундан ортиқ даражада ошганини) кўрсатади. Бунинг сабабларидан бири, Россия ва Қозоғистондан кириб келаётган маҳсулот айланмаси хорижий валютада амалга оширилиши натижаси ҳисобланади», — дейди вазирлик.