Аорта — инсон танасидаги энг йирик артерия. У орқали барча аъзолар ва тўқималарга қон етиб боради. Шу боис аортанинг кенгайиши ёки ёрилиши ҳаёт учун хавфли. Бундай вазиятда унинг зарарланган қисмига протез ўрнатилиши зарур.
Айниқса, бу муҳим артериянинг юрак билан туташган қисми заиф. Чунки бу нуқтадан қон жуда катта босим билан ўтади. Шу боис кардиожарроҳликда юқори сифатли ва чидамли имплантларга эҳтиёж катта.
Россиянинг И.М.Сеченов номидаги тиббиёт университети юрак-қон томир жарроҳлиги клиникаси олимлари шундай протезни яратишга муваффақ бўлди.
Янги имплант олдинги муқобилларига нисбатан кўпроқ чидамли. Бу эса унинг фойдаланиш муддатини оширади. Протезнинг ўзига хос хусусияти шундаки, у аорта томирининг ички тузилиши билан бир хил, қон оқимининг табиий ҳаракатини таъминлайди.
Қолаверса, янги маҳсулотни тайёрлашда ишлатилган махсус материал унинг юзасида бактериялар кўпайиши ва тромблар ҳосил бўлишига тўсқинлик қилади.
Бундан ташқари, имплантни операция чоғида ўрнатиш осон. Бу эса жарроҳлик амалиётини одатдагидан анча тезроқ бажариш имконини беради.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сунъий мослама 1 миллиард юрак уришига бардош беради. Бу инсоннинг 25 йиллик умрига тенг.