Самарқандда 10 ёшли жиянини бир ярим йил давомида зўрлаб келган эркакка ҳукм ўқилди

Аввалроқ Самарқанд вилоятида 45 ёшли эркак 1,5 йил мобайнида 10 ёшли жиянига уятсиз хатти-ҳаракатлар қилишда айбланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Жорий йилнинг 28 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судида мазкур ҳолат юзасидан юритилган жиноят иши кўриб чиқилган. Бу ҳақда Самарқанд вилоят судлари ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 28 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судида судланувчи Т.Н.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган. Ушбу суд жараёни Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра, Т.Н. Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Самарқанд вилояти судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли экани маълум қилинган.