Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Н.М. фуқаролар Х.А., Д.Ж. ва Ғ.Ж.нинг ишончига кириб, уларнинг фарзандларини гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритиб қўйиши эвазига жами 8 000 АҚШ доллари ва 43,5 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ш.С. фуқаро М.И.ни танишлари ёрдамида Тошкент шаҳридаги “Renessans” номли хусусий олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро М.Э. фуқаро Н.Н.га Россия ёки Тожикистон давлатларидаги олий ўқув юртида ўқиганлиги ҳақида ҳужжатлар расмийлаштириб бериш орқали Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, эвазига 8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.