ССВ: Чет эл фуқароси бўлган ва фуқаролиги бўлмаган тиббиёт ходимлари ҳам малака тоифасини олиши мумкин

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасқидланган.

Мазкур ҳужжат тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини белгилайди.

Ушбу жараённи ташкил этиш бўйича Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази директори Санжар Шарипов маълумот берди.

— Малака тоифалари Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази томонидан ташкилий-ҳуқуқий шакли ҳамда идоравий бўйсунувидан қатъи назар:

тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи барча ташкилотларда фаолият юритадиган шифокорлар, фармацевтлар;

“Олий ҳамширалик иши” мутахассислигига эга бўлган ҳамширалар, ўрта тиббиёт ва ўрта фармацевтика ходимлари;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларида фаолият юритаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.

Шифокор ва фармацевтлар ҳар беш йилда бир марта малака тоифасини бериш бўйича навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.

Илгари аттестациядан ўтмаган ва ишга янги қабул килинган шифокорлар ҳамда фармацевтлар ёки олий таълим ташкилотларини битириб, биринчи бор ишга кирган шифокор ва фармацевтлар мутахассислиги бўйича уч йил иш стажига эга бўлгандан сўнг малака тоифасини бериш мақсадида мажбурий аттестациядан ўтказилади.

Шифокор ва фармацевтлар малака тоифасини бериш бўйича мажбурий аттестацияга ўз муддатида жалб этилиши учун шифокор ва фармацевтлар фаолият кўрсатаётган ташкилот раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.