«ҲОКИМЛАР ЧЎНТАГИ» ЁНИШИГА КИМ АЙБДОР?

Бозорлар халқимиз дастурхони саналади. Ҳар куни у ерда минглаб одамлар ўзларига зарур озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа керакли нарсаларини харид қилишади. Бозорларни замон талабларига мос равишда тартибга солиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.

Аксарият ҳудудлардаги марказий савдо масканларида аҳвол рисоладагидай эмас. Бу ерларда амл қилиниши зарур бўлган тартиб-қоидаларнинг назоратсизлиги, расталар жойлашуви аниқ тартибланмагани сабаб кўнгилсиз ҳодисалар содир бўлмоқда.

Кейинги пайтларда мамлакатимизнинг катта бозорларида ёнғин содир бўлгани ҳақидаги хабарлар тез-тез тарақаладиган бўлиб қолди. Ёзнинг айни чилласида, яъни 12 июнь куни соат 19:00 лар чамасида  Фарғонанинг машҳур Қўқон бозорида даҳшатли ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув экипажи 8 дақиқа ичида воқеа жойига етиб келган ва бир соат ичида фалокат бартараф қилинган.

Ушбу фожиадан бир ой ўтгач, Хоразм вилоятининг Хива шаҳридаги буюм бозорида ёнғин чиқди. 24 июль куни соат 17:42 ларда содир бўлган бу ҳодиса ўзининг даҳшати билан кўпчиликнинг ёдида қолмоқда. «Сангар» маҳалласи, Элобод кўчасида жойлашган буюм бозорини олов ямлай бошлагач, воқеа жойига 8 дақиқа ичида Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 12 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. Тилсиз ёв бўлмиш олов эса орадан чамаси 3 соатлар ўтгачгина батамом ўчирилишига муваффақ бўлинган.

Мазкур воқеадан бир ой ўтиб, 31 август куни Қашқадарё вилояти Китоб туманининг Марказий деҳқон бозорида тилсиз ёв – олов оралади. Оқибатда учта хўжалик моллари савдо дўкони жиддий зарар кўрган.

Хўш, нима учун бозорларда тез-тез ёнғин содир бўлмоқда? Бунга ким айбдор? Савдогарлар кўраётган зарарни ким қоплаб беради? Бу каби саволлар борган сайин болаламоқда.

Журналист ва ёзувчи Рўзимбой Ҳасан ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай ёзади: «Китоб бозорида ёнғин ҳақида ўқиб қолдим. Афсус! Йил бошидан бери, адашмасам, еттинчиси бу.

  Дунё тарихида бирор бошқа давлатда бунақа кетма-кетлик кузатилмаган бўлса керак (Ҳатто уруш кетаётган Украинада икки бора бозор ёнди –ракета зарбаси сабаб).

Бозорларнинг аксарияти «ҳокимлар чўнтаги» эканини кўпчилик яхши билади (Бозорқўм бўлиб ишлаган танишларим бу ҳақда кўп нолишарди).

Ким айбдор?! Кўрилган зарарларни қоплашга давлат мажбур эмас!  Давлат ғазнаси олдида қанча ижтимоий муаммолар кутиб турибди.  Жавобгар шахсларни топиб, зарарни қоплатиб, қамамас эканлар… ёнғинлар давом қилаверади…»

Устознинг гапларида жон бор, албатта. Одам зоти борки, бирор кулфатга дучор бўлса, давлатни айбдор қилишга ва ўз иддаолари билан бирор молиявий кўмак ундиришга уринади. Аслида бозорлардаги салбий ҳодисаларга бу ердаги савдогарларнинг ўзлари бош айбдор. Қайсики, бозор ёки савдо масканларини қараманг, одамлар пала-партиш равишда чайла қуриб ташлаганини кўрасиз. Ўтиш йўлакларигача оддий қамиш ёки газламалардан бостирмалар қилиб, молларини ёйиб ўтиришибди. Катта шаҳар ва туман марказларидаги савдо масканлари замонавий услубда икки қаватли муҳташам бинолардан иборат. Савдогарлар эса ўзларига тегишли дўконлари етмагандек, ташқарига бостирма шаклида «дўконча» тиклаб, раста ёйишади.

Хива буюм бозорида ёнғинга гувоҳ бўлган танишларимдан бири ўз вақтида етиб келган ёнғин-қутқарув экипажи ана шу бостирмалар иҳотасидан ўтишда жуда қийналганини таъкидлайди.

Ҳақиқатан ҳам бозор ва савдо масканлари атрофидаги йўлаклардан қутқарув машинаси тугул, одамлар зўрға одимлайди. Бу ерлардаги тартибсизлик, пала-партишликни бартараф қилиш вақти келди, чамамда. Биринчи навбатда бозорлардаги аҳвол Фавқулодда вазиятлар томонидан назорат қилиниши лозим. Рейдлар, амалий тадбирлар фақатгина ҳисоботлар учун қоғозларда қолиб кетмаслиги керак. Қатор дўконлар олдидаги йўлаклар чайласимон бостирмалардан тозаланиб, бу ерлар шошилинч-тез ёрдам ва ёнғин-қутқарув экипажи машиналари зудлик билан кириб-чиқа олиш даражасида бўлиши таъминланиши керак.

Бозорларда ёнғиндан ташқари ҳар хил воқеалар юз бериши мумкин. Кимдир шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлса, яна кимгадир ички ишлар ходимларининг тезкор ёрдами зарур бўлиб қолади. Ана шундай пайтда воқеа жойига зудлик билан ва тезкор равишда етиб бориш учун, аввало, йўлаклар тўсилмаган, иҳоталанмаган бўлиши зарур. Мавжуд қонунчилигимизда бу оддий ҳақиқатни тушуниб етмаётган тадбиркорлар учун чоралар кўрилиши ҳам йўқ эмас. Зеро, ота-боболаримиз: «Саркаш отга – қуюшқон», деб бежиз таъкидламаган.

Эрпўлат БАХТ