Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда “Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида “Яшил ипак йўлини” биргаликда барпо этиш” мавзусидаги ялпи йиғилишида иштирок этди.
Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб “Макон ва йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаган.
Марказий Осиёда “яшил” тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Ўзбекистон президенти 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Президент кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда “Яшил молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди.