Ўзбекистон дунёдаги энг арзон бензин бўйича 21-ўринда турибди. Бу ҳақда “Energyprom” хабар берди.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” “заправка”ларида 9 минг 200 сўм нарх қўйилган АI-92 маркали бензин акция асосида 7 минг 500 сўмдан сотилгани ва 2 августда ушбу акция тугаганини маълум қилган эди. Акциядан кейин эса АI-92 маркали бензин 8600 сўмдан сотила бошланди.
Куни кеча Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўз муносабатида Ўзбекистондаги 2 мингдан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларининг 99 фоизи АI-80 маркали бензин литрини 6800 сўмдан сотаётгани ҳақида маълумот берганди.
Шунингдек, Ўзбекистонда нефть қазиб олиш ҳам қисқариб, ўтган йилнинг cентябрига нисбатан 4,2 минг тонна кам “қора олтин” қазиб олинган. Бундан ташқари, дизел ёқилғиси ишлаб чиқариш ҳам ўтган йилнинг cентябрига нисбатан 51,1 минг тоннага камайган.
Дунёдаги энг арзон бензин рейтингида келтирилишича, октябрь ҳолатига кўра, дунёдаги энг арзон бензинни Мисрда сотиб олиш мумкин – литри 0,32 доллар. Кейинги ўринларда Жазоир (0,32 доллар) ва Қувайт (0,34 доллар) каби давлатлар турибди.
Қўшни Қозоғистон эса бензиннинг арзонлиги бўйича бешинчи ўринни эгаллади – бир литри 0,46 доллар. МДҲ давлатлари орасида энг арзон бензин Қозоғистонга тегишли бўлиб турибди. Еттинчи ўриндан эса Россия жой олган – 0,53 доллар.