Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган. “Кун.уз”нинг вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматига таяниб маълум қилишича, газ баллони портлаши 19 октябрь куни содир бўлган.
Денов туманида яшовчи фуқаро шу туманда жойлашган “Денов-Мобил” МЧЖ қарашли бўлган метан газ қуйиш шохобчасига пропан баллони ўрнатилган “ВАЗ-2106” машинасини бошқа бир фуқаронинг машинаси ёрдамида олиб келган.
Машинага метан газ қуйиш пайтида унга ўрнатилган пропан баллони портлаб кетган. Оқибатда газ қуйиш шохобчаси ишчиси ва “ВАЗ-2106”ни шохобчагача олиб келишда ёрдам берган иккинчи ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган.
“Жигули” ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, шифохонага мурожаат қилган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.