Божхона учун электр энергияси алоҳида шартларга кўра етказилади

Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар белгилангани муносабати билан ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ташқи савдо айланмаси ҳажмлари ортиб бораётгани, трансчегаравий электрон савдонинг ривожланиши, шунингдек божхона соҳасини тўлиқ рақамлаштиришга эришиш бўйича амалга оширилаётган ишлар шароитларида ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва коррупцияга қарши омилларни жорий этиш лозим.

Президентнинг «Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ҳужжат билан амалдаги НҲҲга қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди:

  • электр энергияси махсус тартибга кўра етказиб бериладиган истеъмолчи корхоналар рўйхатига божхона органларини киритиш;
  • инвойс асосида экспорт қилишда олдиндан тўловни 100 фоиздан 50 фоизга тушириш;
  • божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарларни етарли даражада қайта ишлаш мезони асосида ҳосил қилинган қайта ишлаш маҳсулотини божхона ҳудудидан экспорт божхона режимига расмийлаштирган ҳолда олиб чиқиш;
  • ташқи савдо операцияларини амалга оширишда шартнома бўйича хорижий ҳамкор мамлакат ўзгариши билан боғлиқ қўшимчаларни божхона юк декларациясида қайд этиш талабини мақбуллаштириш;
  • ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида ташқи савдо шартномалари маълумотларига қўшимча келишувларсиз ўзгартириш киритиш имкониятини яратиш.