Уларни ҳал қилишга барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз лозим 1990 йил 18 декабрь куни БМТнинг Барча меҳнаткаш-мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинган.
Конвенциянинг 10 йиллиги муносабати билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2000 йилда 18 декабрь – Халқаро мигрантлар куни деб эълон қилинди.
Ушбу сананинг халқаро миқёсда алоҳида белгиланиши бежиз эмас. Бу омил бутун дунёда меҳнат мигрантлари сонининг кескин ошиши, миграция масалаларининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий жиҳатдан муҳимлиги билан изоҳланади.
Бугунги кунда дунё бўйича тахминан 281 миллион нафар меҳнат мигранти мавжуд бўлиб, улар дунё аҳолисининг 3,6 фоизини ташкил қилади.
2022 йилги статистик маълумотларга қараганда, чет элда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари сони ўртача 2,4 миллион кишини ташкил этади. Шундан 568,5 минг нафари (24,1 фоиз) аёллар, 827,1 минг нафари (35,1фоиз) ёшлардир.
“Миграция” лотин тилидан келиб чиққан сўз бўлиб, инсонларнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтишини англатади. БМТнинг Барча меҳнаткаш-мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенциясига мувофиқ, ўзи фуқароси ҳисобланмаган давлатда ҳақ тўланадиган фаолият билан шуғулланувчи шахс – меҳнаткаш мигрант ҳисобланади.
Миграция – бир қатор омиллар туфайли юзага келадиган глобал ҳодиса. Миграция – инсоннинг ўзи ва фарзандлари учун муносиб, хавфсиз ва тинч ҳаётга интилиши туфайли ўз ватанидан кўчиб чиқишидир.
Меҳнат мигрантлари нафақат хорижий давлат, балки ўзлари мансуб бўлган давлат иқтисодиёти ривожланишига ҳам катта ҳисса қўшади. Шу сабабли меҳнат мигрантлари учун қулай шароитлар яратиш барча ҳукуматларнинг кун тартибидаги масала бўлиши керак.
Дунёда миграциянинг кенгайишига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Бунда, жумладан, сайёрамизнинг турли нуқталарида юз бераётган урушлар, сиёсий ва иқтисодий инқирозлар, ҳар хил табиий офатлар ёки атроф-муҳитдаги салбий ўзгаришлар асосий ўрин тутади.
Шундай пайтда бошқа хорижий мамлакатларга кўчиб борган меҳнат мигрантлари ҳуқуқларининг кафолати, қабул қилувчи давлат томонидан меҳнат мигрантлари хавфсизлиги, инсон ҳуқуқларининг таъминланиши алоҳида аҳамият касб этади.
Ушбу ҳуқуқлар меҳнат мигрантларини қабул қилувчи давлат томонидан кафолатланиши лозим.
Чунки ҳеч бир ривожланган давлат ёки ривожланаётган давлат ўз ҳаётини меҳнат мигрантларисиз тасаввур қила олмайди.
Меҳнат мигрантлари қабул қилувчи давлатдаги ишчи кучи билан боғлиқ муаммони ҳал қилиб, ушбу давлатдаги ишлаб чиқариш, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларининг бир маромда ишлашини таъминлайдилар.
Шу маънода, меҳнат мигрантлари дуч келадиган баъзи муаммоларни тушунишга, уларни ҳал қилишга барча бирдай ҳаракат қилиши лозим.
Авваламбор, мана бу саволларга жавоблар топиш талаб этилади.
Яъни: нега улар кўчиб кетишди? Уларнинг йўл кира нархи қанча ва улар бу харажатларни қандай тўлашган? Улар қандай меҳнат ва яшаш шароитларига дуч келишади? Улар ваъда қилинган иш ҳақини ўз вақтида оладими? Уларнинг шахсий ҳаёти ҳурмат қилинадими? Улар ўз оилаларини қанчалик тез-тез кўриб турадилар? Агар улар ўз ишларидан норози бўлса, ўз хоҳишлари билан чиқиб кетишлари мумкинми? Агар уларга ёмон муносабатда бўлинса, шикоят қилишлари мумкинми?
Албатта, ушбу муаммолар барча меҳнат мигрантлари фаолиятида мавжуд. Шу билан бирга, кўплаб меҳнат мигрантлари одам савдоси ёки мажбурий меҳнат қурбони бўлаётганидан кўз юма олмаймиз.
Афсуски, дунёнинг бошқа кўплаб жойларида бўлгани каби, Марказий Осиё минтақасидан борган кўплаб меҳнат мигрантларининг паспортини олиб қўйиш, уларни дам олиш ва ҳаракат эркинлигидан маҳрум қилиш, иш ҳақи тўлашни кечиктириш одатий “амалиёт”га айланиб қолган.
Шу билан бирга, меҳнат мигрантлари жиноят ёки инсон ҳуқуқлари бузилиши қурбони бўлсалар-да, камдан-кам ҳолларда уларга жабрланувчи сифатида қаралади. Аксарият ҳолларда мигрантлар депортация қилинишдан қўрқиб, шу каби камситишларга сабр ва тоқат этадилар.
Шундай қилиб, халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ адолатли миграция сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш, шунингдек, миграция фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш ҳозирги куннинг долзарб масалаларидандир.
Бу долзарб масала мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари ва бошқа халқаро мажбуриятларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари ижросини таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш, уларга қулай шароитлар яратиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, хорижга ишлаш учун кетмоқчи бўлган фуқаролар учун хавфсиз ва ишончли механизм ишлаб чиқилди. Бунда фуқаролар хорижга ишлашга кетмоқчи бўлган вақтидан бошлаб, уларга мамлакат ҳудудида касбий кўникмалар ва хорижий тиллар ўргатилмоқда.
Хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун мигрантларга микроқарзлар бериш, хорижда ишлаб юрган меҳнат мигрантларига ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тизими шакллантирилди.
Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганларга моддий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Ташқи меҳнат миграциясини қонуний асосларда ташкил қилиш, давлатларнинг ушбу соҳада самарали ҳамкорликни амалга ошириши ҳамда миграция бўйича халқаро стандартларга амал қилиш меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари таъминланишининиг асосий шартларидан ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳада ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги асосий принциплар, ташқи меҳнат миграцияси соҳасини тартибга солиш, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқлари, улар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бошқа масалалар ўрин олган.
Шундай экан, келинг, 18 декабрь куни меҳнат мигрантлари ўзга юртлардаги оғир шароитларда ўз оилалари ободлиги ва жамиятимиз фаровонлиги учун ҳалол меҳнат қилаётганини эътироф этайлик.
Янада муҳими, бу борада жафокаш юртдошларимизга қандай амалий кўмагимиз тегиши мумкинлиги ҳақида яна бир марта ўйлаб кўрайлик.
Шукурова Шахноза
ЎзЖОКУ сиртқи бўлим талабаси