Ижтимоий тармоқларда Хоразмдаги мактаблардан бирида ўқувчининг ўқитувчи томонидан калтаклангани акс этган видеолар тарқалди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдирди.
Унга кўра, Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги 2-ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаси ўқитувчиси Қ.Х. ўқувчи М.Б.ни калтаклагани ҳолати Болалар омбудсмани томонидан ўрганилмоқда.
Қўшимча қилинишича, воқеа бўйича Боғот тумани ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув тайинланган.
«Ўқитувчи томонидан болага нисбатан бундай номаъқул муомалада бўлиши, уни уриши, таҳқирлашига ҳеч бир ҳолатда мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Бу борада боланинг манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан зарур бўлган барча чоралар кўрилади», — дейилади муносабатда.