Табиий офатларнинг олдини олиш, прогнозлаш, мониторинг қилиш, табиий офатлардан аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, етказилган зарарлар миқдорини камайтириш, хавфли ҳудудлардаги фуқароларнинг, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа объектларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 ноябрдаги “Аҳолини ва ҳудудларни хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳамда геологик жараёнлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-426-сон қарори қабул қилинган.
Мазкур Президент Қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Экология, атрофмуҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат геология қўмитаси билан биргаликда, заруратга кўра, юқори тоғ тизимларидаги кўлларнинг ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг юзага келиши тўғрисида ўз вақтида огоҳлантириш мақсадида вақтинча кузатув постларини ташкил этади ва уларнинг фаолиятини таъминлайди.
Юқоридаги вазифаларнинг ижросини ташкил этиш мақсадида, жорий йилнинг 1 ноябрида Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани юқори тоғли худудлари — Ойгаинг ва Пском дарё ҳавзаларида жойлашган Шавиркул ва Ихнач (катта, пастки ва юқори) ёрилиш хавфи мавжуд кўлларида текшириш ва авиадесант ишларини олиб бориш, шу билан бирга, ушбу жараёнларни амалга оширилишини оммавий ахборот воситаларида ёритиш ишларини ташкиллаштириш учун ОАВ вакиллари учун пресс-тур ўтказилди.
Текшириш ва авиадесант ишларини олиб бориш жараёнида Шавиркул, Ихнач кўлларига вертолётда жойларга чиқилди. Ўрганиш доирасида Майдонтол метеостансиясига ҳам ташриф буюрилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари Майдонтол метеостансиясида иш жараёни билан, ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
Ихнач (катта, паски)
Ихнач катта кўли, денгиз сатхидан 2508 м баландликда жойлашган бўлиб, Марфометрик кўрсаткичларга кўра, ушбу кўлнинг максимал тўлган холатда 4,8 млн м3 сув хажмини сиғдириб, кўл юзаси 0,33 км2, ўртача чуқурлиги 14,5 м, узунлиги 1,5 км, ўртача кенглиги 216 м ни ташкил этади. Ихнач пастки кўли, денгиз сатхидан 2460 м баландликда жойлашган бўлиб, Марфометрик кўрсаткичларга кўра, ушбу кўлнинг максимал тўлган холатда 900 минг м3 сув хажмини сиғдириб, кўл юзаси 0,09 км2, ўртача чуқурлиги 10 м, узунлиги 0,5 км, ўртача кенглиги 170 м ни ташкил этади.
Шавуркул
Шавуркул кўли, денгиз сатхидан 2750 м баландликда жойлашган бўлиб, Марфометрик кўрсаткичларга кўра, ушбу кўлнинг максимал тўлган холатда 3,8 млн м3 сув хажмини сиғдириб, кўл юзаси 0,40 км2, ўртача чуқурлиги 9,7 м, узунлиги 1,4 км, ўртача кенглиги 270 метрни ташкил этади.