Касб касаллиги тасдиқланган беморлар тўлиқ давлат томонидан ҳимояланади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.
Касб касалликлари клиникаси республикадаги ягона ихтисослаштирилган клиника бўлиб, 100 ўринга эга.
Унда ҳар йили республиканинг барча ҳудудларидан 3 мингдан ортиқ бемор даволаниш ва реабилитациядан, 33 мингдан ортиқ бемор эса амбулатор шароитида текширувдан ўтказилади.
Касб касаллиги тасдиқланган беморлар Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти клиникасида диспансер назоратида туради. Улар клиникада ҳар йили бепул даволаниш, текшириш ва реабилитация ҳуқуқига эга.