Фарғона вилоятининг айрим туман ҳокимлари ноқонуний қарорлар қабул қилгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят судлари ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида Фарғона вилоятида маъмурий судлар томонидан маъмурий органлар қарорларини ҳақиқий эмас ва мансабдор шахсларнинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни қонунга хилоф деб топиш бўйича 570 та иш кўриб чиқилган.
Таҳлиллар натижасига кўра, қуйидаги туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилишда қонун ҳужжатлари талабларига етарли даражада риоя этилмаслик ҳолатларига йўл қўйилган:
• Фарғона тумани ҳокимининг 7 та;
• Бешариқ тумани ҳокимининг 6 та;
• Учкўприк тумани ҳокимининг 5 та;
• Фарғона, Марғилон шаҳарлари ва Қува тумани ҳокимларининг 4 тадан;
• Данғара, Ёзёвон, Риштон туманлари ҳокимларининг 3 тадан;
• Бағдод ва Ўзбекистон туманлари ҳокимларининг 2 тадан;
• Бувайда, Олтиариқ ва Тошлоқ туманлари ҳокимларининг 1 тадан қарорлари суд томонидан ҳақиқий эмас ёки ҳаракат ёки ҳаракатсизлиги қонунга хилоф деб топилган.
Шунингдек, маъмурий судлар томонидан ишларни кўришда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича маҳаллий ҳокимликларга нисбатан 65 та хусусий ажрим, 2 та тақдимнома чиқарилган ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш ва қатъий чоралар кўриш бўйича прокуратура органларига 16 та хабарнома юборилган.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан келиб тушган аризалар бўйича жами 195 та иш кўрилган бўлиб, шундан 46 таси қаноатлантирилган, 112 таси рад қилинган, 17 таси кўрмасдан қолдирилган, 20 таси иш юритишдан тугатилган.