Сурхондарё вилоят ва туман ҳокимликлари, вилоят туризм бошқармаси мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Туризм қўмитаси раиси У.Шодиев ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга қаратилаётган эътибор соҳани миллий иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқлардан бирига айлантираётганини таъкидлади. Бу жараёнда олис тоғли ҳудудларнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиб, мафтункор қишлоқларда яшаётган маҳаллий аҳолининг туризмдан даромад топишига қулай муҳит яратилаётгани қайд этилди.
Сўнгги йилларда хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар юртимизнинг анъанавий турмуш тарзи, миллий қадриятлари ва ноёб ҳунармандчиликка эга бўлган туризм қишлоқларига катта қизиқиш билдираётгани кузатилмоқда. Осмонўпар тоғлар бағридаги сержило шаршараси билан дунёга танилган Сангардак қишлоғи ҳам ўзининг бетакрор, сўлим табиати, мусаффо ҳавоси, одамларнинг турмуш тарзи, маданий мерос объектлари билан сайёҳларни жалб этмоқда.
Жорий йилги туризм мавсумида сўлим гўшага ҳар куни ўртача уч мингдан ортиқ сайёҳ келгани бунга яққол далилдир. Сангардакдан ўзгача завқ олиш учун нафақат мамлакатимиз, балки жаҳоннинг Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Беларусь, Россия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларидан келган кўплаб туристлар бой таассуротларга эга бўлди.
Қишлоқда туризм инфратузилмасини ривожлантириш учун тоғ қўйнида кенг, равон йўллар бунёд этилиб, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Пиёдалар йўлакчалари қурилди. Қишлоқнинг рамзий кириш стеллоси, туристик ахборот маркази, селфи ҳудуд, санитария-гигиена шохобчаси барпо этилди. Масжид, ошхона ва бошқа хизматлар кўрсатиш шохобчалари ишга туширилди. 50 ўринли меҳмонхона, 200 ўринли санатория, 23 та меҳмон уйи очилди.
“Сангардак чеварлари” тикувчилик корхонаси фаолият юритмоқда. “Сангардак” шаршараси атрофи ва ҳудуддаги зиёратгоҳларга олиб борувчи йўллар ободонлаштирилиб, сайёҳлар учун барча шароит яратилди. Қишлоқда 15 га яқин туристик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Ҳудудни туризм қишлоғига айлантириш жараёнида кўплаб маҳаллий аҳоли ишли бўлди.
Айни пайтда Сангардак билан Қашқадарё вилоятини боғлайдиган янги автомобиль йўлида қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда. Янги йўл фойдаланишга топширилгач, мамлакатимиз пойтахтидан туристларнинг жанубдаги воҳага келиши ўртача 4-5 соатга қисқаради.
Тадбирда Сангардак қишлоғига туризм қишлоғи мақомини берувчи сертификат тантанали топширилди.