Журналист Ўзбекистон ҳаво йўлларининг ҳеч ким билмаган сирларини очди

Журналист Ўзбекистон ҳаво йўлларининг ҳеч ким билмаган сирларини очди. Бу ҳақда ўзининг Facebook саҳифасида ёзиб қолдирган.

Авиакомпания торозилари виждонини унутган
Яқинда бир шаҳарга учдим. Чемоданим “Тошкент” халқаро аэропортида 16 кило чиқди. Сафарим транзит бўлгани учун бошқа аэропортда яна қайта рўйхатдан ўтдим. Энг қизиғи, худди шу чемоданим 12 кило экан. 

Сафарим кўп бўлгани боис ҳозир эсимга тушган рақамларнигина ёздим.  Чунки мен бундай ҳолатларни кўп кузатаман.

Яқинда кичик қўл чемоданимни ичида битта китоб, кўзойнак, телефоним зарядчиги ва микрафон бор эди, холос. Шуни 7 кило деганди, ёқа ушлаб қолдим. Хулоса шуки, авиакомпания торозиларини қачон виждонига қулоқ тутиб тўғрилайди?

Бир стакан чой кимни ўлдирибди?
Хизмат сафари билан бир вилоятга учдик. Кузги шамоллаш ва аллергия мавсуми ҳозир. Шунга биз борт кузатувчидан иссиқ сув ёки чой сўрадик.

— Совуқ сув ича олмайман қизим, манга ҳам чой бер, —деди бир амаки ҳам. У “олифта қирчанғи”  чой йўқ деб  ўдағайлади. Ўзидек совуқ сув солинган падностини тез олиб ўтиб кетди. Ўша сув ҳам самолёт салонидаги ярим одамга етмади. Тарбия, муомала ноль…

Одамлар текинга учмаяпти ахир, бир стакан чой кимни ўлдирибди? Наҳотки авиакомпания шу даражада қашшоқ, хатто бир стакан чой бера олмайди?

Энг нозик масала
Энди энг нозик мавзу, ҳожахоналар масаласи. На Тошкент шаҳри, на вилоятлардаги аэропортлардаги ҳожатхоналарга кирсангиз, қўлингиздаги сумкани иладиган оддий илгич йўқ. Елкасида рюкзак билан қандай хожат чиқаради одам?! Ёки  юкини ифлос полга қўйсинми?! Шундоқ ҳам улар чала тозалик ва сассиқ ҳиди билан тилларда достон…

Савол, шунча қурилиш қилиб, сиз учун майда кўринган шу илгични қўйиш наҳот шунча қийин?

Кимнинг манфаати кўзланган?
О, яна бир оғриқли мавзу — бу багаж кутишдир. Куни кеча азон 04.20 қўниб, 06.30 олдим багажимни. Кулайми? Йиғлайми?

Ундан олдинги сафаримда чемоданимни синдириб, ғирдирагини узиб қўлимга беришди. Бир нинамни санчиб олганимдан сўнг, ўлганини кунидан бир тийингга қиммат хитой чемоданига алмаштириб берди. Нега бунақа қилдинглар, мени чемоданим сифатли, бақувват эди, десам. Нима эмиш, синган чемоданларнинг бир килосига 20 $ нарх белгиланганмиш. Одамларга овозинг ўчсин, дегандек, арзон, сифатсиз чемодан бериб юборишар экан!

Савол, авиакомпания бу нархни кимнинг манфаатидан келиб чиқиб белгилаган?

Қачон халқни ҳурмат қилишини ўрганасизлар?
Энг даҳшатлисини айтайми? Нега ҳаво йўлларининг ҳеч қайси рейси ўз вақтида учмайди? Нега салон тўла йўловчилар доимо кимнидир пойлаб, кейин учади? Нега? Нима учун?

Хуллас, бундай мисоллар тўлиб ётибди? Уларни ҳаммасини ёзсам, кўнглим айниб кетади. Фақат охирги саволимга жавоб беринг, хурматли авиакомпания масъуллари: қачон оддий йўловчиларни, халқни ҳурмат қилишини ўрганасизлар?

Илтимос, сал ўзгаринглар! Самолётларингизда одамлар учади, ҳайвонлар эмас! Одамга одамдек муносабатда бўлинглар!

Навбаҳор Каримова,
журналист