Ўзбекистон халқаро миқёсда олдинга сурган уч таклиф тан олинди. Улар — Ўзбекистон кулолчилиги, Ифтор ва Тазҳиб китоб безаш санъати.
Энди Ифтор ҳам, ўзбек кулолчилиги ҳам ЮНЕСКОнинг Номоддий Мерос рўйхатига киритилди.
Ифтор — барча мусулмонлар учун Рамазон ойида оғиз очишни англатадиган диний амал. Аммо айни маросим замирида оилавий ва инсоний ришталар мустаҳкамлиги, жамиятдаги бирдамлик, хайрия ва йўқсиллар ҳақида қайғуриш каби хусусиятлар ҳам жамланган. Олдин Ўзбекистон Лазги Хоразм рақси ва бошқа миллий бойлик ҳамда қадриятлар борасида ҳам айни ютуққа эришганди.
Ўзбекистон Шашмақом, Наврўз, Катта ашула, Аския, Палов маданияти ва анъаналари, Хоразм Лазгисини ЮНЕСКО Инсоният номоддий маданий меросига тақдим этган.
Кулолчилик Марказий Осиё халқлари тарихида ўзига хос ўрин тутиб келаётган касб.
Сўнгги йилларда бу ҳунарнинг ривожланиб, оммалашганини кўриш мумкин.
Эндиликда кўплаб ўзбек хонадонлари қўлда ишланган маҳаллий сопол идишларда таом ейишни маъқул кўришмоқда.
Ўзбекистонда кулолчилик анъаналари қадим илдизларга эга ва ранг-баранг.
Хусусан, Риштон кулолчилиги бутун минтақага машҳур ва кейинги йилларда эса ўз тарихий хусусиятларини сақлаган ҳолда замонавий қиёфа касб этмоқда.