12 декабрь куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида тез тиббий ёрдам ҳайдовчиси чақириққа борганида калтакланди, деб хабар бермоқда вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси.
Соат 17:10 да «Қаҳрамон» МФЙга қарашли Хўжақўрғон қишлоғида яшовчи 61 ёшли аёл қон босимининг кўтарилиши шикояти билан чақириқ берган. ССБ 8 километрли масофага тиббий ёрдам бригадаси 14 дақиқада етиб борганини билдирди.
Хонадонда беморнинг ўғли экани тахмин қилинаётган шахс бригада ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, унинг юз қисмига жароҳат етказган. Жанжал сабаби келтирилмаган.
Ҳамшира аввал беморга, сўнг ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатган. Автомашинани чақириқдан ортига қайтариш учун бошқа ҳайдовчи жалб этилган.
Ҳолат юзасидан ички ишлар идораларига хабар берилган бўлиб, вазият бошқарма назоратига олинган, дейилади хабарда.