Хоразмдаги боғчада болаларни тепиб, машғулот ўтилди

Ижтимоий тармоқларда Хоразмдаги боғча ходимларининг болаларни тепиб, қўпол муомалада бўлаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳаттоки митти тарбияланувчиларнинг таёқ билан калтакланганини ҳам кўриш мумкин.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат Урганч тумани 23-сонли МТТда содир бўлган. Йўл қўйган хато ва камчиликлари учун ташкилотнинг ёрдамчи тарбиячилари Р.М. ва А.М. ишдан  бўшатилган.

Мазкур ҳолатга Болалар омбудсмани ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Аниқланишича, воқеа Урганч тумани Чондирқиёт қишлоғи Тадқиқотчилар маҳалласида жойлашган 23-сонли МТМда бўлиб, бунда тарбиячи Р.Г. ва ёрдамчи тарбиячи М.А. тарбияланувчилар Р.С., М.С., У.З., С.Т. ларга нисбатан  туртиш, тепиш, қулоғидан тортиш, бошига уриш каби номақбул хатти-ҳаракатлар содир қилган. Ҳозирда ушбу факт бўйича Урганч тумани ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда», дейилади ушбу муносабатда.