Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида эр-хотин ва уларнинг икки қизи ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати “Дарё.уз”га хабар берди.
Хабарга кўра, ҳолат 15 декабрь куни соат 13:00 ларда Ўзбекистон тумани, “Обод” МФЙ, Ибрат кўчаси, 21-уйда содир бўлган. Эр-хотин М.М. ва Ж.Н. ҳамда уларнинг вояга етмаган икки қизи яшаш хонадони ётоқхонасида ис газидан заҳарланиб, вафот этган. Кўздан кечириш давомида марҳумлар истиқомат қилган хонадоннинг ётоқхона ва ювиниш хоналари қўлбола усулда темирдан ясалган иситиш печига табиий газ тармоғи тортилиб, иситиб келингани, яшаш хонаси эшик ва дераза ромлари алюминий профилдан ишлангани маълум бўлди.
Ёнғинга қарши кураш жамияти туман ҳудудий бўлими техник хавфсизлиги муҳандисининг хулосасига кўра, кўздан кечиришда мазкур қўлбола иситиш печларида табиий газ ёқилган ҳолатда бўлгани, унинг дуд бурони ностандарт ҳолатда ташқарига чиқарилгани ва натижада газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази назоратсиз тарқалишига сабабчи бўлгани кўрсатилган.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, фуқароларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида юзага келгани аниқланган. Терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.